Депутат 2 минг дона тиббий ниқоб тарқатди

2020-03-24 12:20:00

.

Коронавирус тарқалишининг олдини олиш борасида давлатимиз раҳбари ва ҳукумати томонидан кўрилаётган кенг кўламли ва қатъий чора-тадбирлар, хусусан Президент Шавкат Мирзиёевнинг халқимизга мурожаати барчани бутун дунёни саросимага солаётган бу офатга қарши ваҳимага берилмаган ҳолда ҳамжиҳатлик билан курашишга ундамоқда. 
 
Наманган вилоятида ҳам коронавирус профилактикасига доир тарғибот тадбирлари баробарида жамоатчилик вакиллари, депутатлар томонидан вирус тарқалишининг олдини олишнинг амалий жиҳатларига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
 
Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти Наманган вилояти кенгашининг раҳбари, халқ депутатлари Наманган вилояти Кенгаши депутати Аҳмаджон Аълоходжаев ўз сайловчиларини бепул тиббий ниқоб билан таъминлаш ташаббуси билан чиқди. 
 
Куни кеча, яъни 23 март куни Наманган шаҳрида ташкил этилган дастлабки шундай акцияда ватанпарварчилар жамоаси аҳолига 2000 дона тиббий ниқобни беминнат тарқатиш билан биргаликда аҳоли ўртасида коронавирус профилактикасига доир тушунтириш олиб борди. 
 
–Бугунги эпидемиологик вазият бартараф бўлмагунча, бундай тадбирларни изчил давом эттирамиз, – дейди А.Аълоходжаев. – Бу бизнинг ҳам депутатлик, ҳам фуқаролик, энг асосийси ватанпарварлик бурчимиздир.
 
 manba xabar.uz