Чигирткаларга қарши кураш уюшқоқлик билан ўтказилмоқда

2020-07-14 12:00:00

.

Маълумки, чигирткалар бугунги кунда қишлоқ хўжалиги экинларига жиддий хавф туғдираётган зараркунандалардан бири ҳисобланади.

Муносабат 

Маълумки, чигирткалар бугунги кунда қишлоқ хўжалиги экинларига жиддий хавф туғдираётган зараркунандалардан бири ҳисобланади. Улар экинларни ёппасига еб битириши натижасида чорва моллари озуқаси камайиши, бутун бошли мамлакатлар ва катта ҳудудларда очарчилик юзага келган ҳолатлар тарихдан маълум.

Шу туфайли ҳозир МДҲ давлатлари орасида биргина Ўзбекистонда давлат бюджетидан таъминланадиган Чигирткаларга қарши кураш хизмати фаолият юритмоқда. Жойларда тажрибали мутахассислардан иборат гуруҳ Ўсимликларни ҳимоя қилиш илмий-тадқиқот институти олимлари билан ҳамкорликда зарарли чигирткаларнинг пайдо бўлиш ўчоқларини аниқлаш, қишлаш шароити ва муддатини ўрганиш, башорат маълумотларини ишлаб чиқиш ва жойларга етказиш асосида самарали кураш тадбирларини ўтказиб келмоқда.

Бу каби табиий офатлар бошқа мамлакатларда ҳам кузатилмоқда. Хусусан, Африкада Қизил саҳро чигирткаси шу кунгача қишлоқ хўжалигига 5 миллион доллар зарар келтирган. Шунинг учун доимо огоҳ бўлишимиз керак.

Соҳа мутахассисларининг 2019 йил кузги кузатувлари натижасида маълум бўлдики, чигирткалар 550-560 минг гектардан ортиқ ер майдонларида тарқалиши мумкин. Ҳозир уларга қарши 210 та махсус трактор жалб қилинган. Шунингдек, 297 та моторли қўл пуркагич, 30 та автомашинага ўрнатилган УМО пуркагич, 7 та мотодельтапландан кенг фойдаланилмоқда. Ҳозирга қадар 309 минг 690 гектар ерда мазкур тирик офатга қарши курашилган. Бу саъй-ҳаракатлар чигирткаларнинг тури ва тарқалган майдонига қараб яна 1-2 ой давом этиши мумкин.

Айни пайтда жойларда кузатилаётган ҳолатни ҳисобга олсак, Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларининг тоғ ва тоғ олди ҳудудларида кенг тарқалган Марокаш чигирткаси учиб, бир жойдан иккинчи жойга кўчиб ўтиши ўта фаоллашди. Айниқса, ҳозирги кунда мазкур ҳудудларда бу турдаги чигирткаларнинг миллионлаган галалари давлатлараро трансчегаравий ҳудудларида кенг кузатилмоқда. Аслида Марокаш чигирткаси жаҳоннинг ўнлаб давлатларининг тоғ ва тоғ олди жойларида кенг тарқалган. Бу турни Шимолий Африка давлатлари ҳудудидан Хитой Халқ Республикасининг Шарқий Туркистон ўлкасигача бўлган 10 миллион гектар квадрат километр майдонларда кузатиш мумкин.

Ҳозир Марокаш чигирткасининг ёппасига кўпайиб учиши нафақат Ўзбекистон, балки Эрон, Озарбайжон, Грузия, Арманистон, Афғонистон, Туркманистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон каби ўнлаб давлатларда ҳам кузатилмоқда.

Шу сабабли бу борадаги тадқиқотларни олиб бориш бўйича давлатимиз томонидан тизимли ишлар йўлга қўйилган. Хусусан, олимларимиз томонидан қарийб 40 йилдан буён фаолият кўрсатаётган лабораториямизда чигирткаларнинг айрим зарарли турлари ўрганилмоқда.

Бундан ташқари, ҳозирги кунда республикамизнинг чўл ҳудудларини ўзлаштириш натижасида экспортбоп мойли ва дуккакли экин экилаётган майдонлар атрофида ҳам ёппасига Турон чигирткасининг кўпайгани кузатилмоқда. Айниқса, бундай ҳолат Нурота тоғ тизмасининг Айдаркўл билан бўлган оралиғидаги Жиззах ва Навоий вилоятларининг қорақўл ва наслчилик хўжаликларига қарашли қарийб 1 миллион гектар майдонда йил сайин ортаётгани аниқланди.

Айтиш жоизки, зарарли чигирткалар чегара билмайди. Шамол орқали бир кунда улар турларига қараб 50 километрдан 300 километргача учиши мумкин.

Бундай ҳолатлар республикамизда ҳар 10-12 йилда кузатилмоқда. Жумладан, минтақамизга 1982 йилда зарарли чигирткаларнинг қўшни давлатлардан учиб келиши оқибатида 50 минг гектар пахта, 40 минг гектар бошоқли дон, 30 минг гектар боғ, полиз ва сабзавот экинларига жуда катта талафот етган эди. 2009 йилда эса Марокаш чигирткасининг учиб келиши сабабли биргина Сурхондарё вилоятида 2 минг гектар пахта майдонига жуда катта зарар етди.

Шунинг учун ҳам ўтмишдаги салбий ҳолатлардан тўғри хулоса чиқариб, етиштирилган ҳосилни сақлаб қолиш учун бор имкониятдан фойдаланиш зарур. Сурхондарё вилоятида 2019 йил кузги ва 2020 йил баҳорги кузатувлар натижасида 93 минг гектар майдонда зарарли чигирткалар тарқалиши башорат қилинган эди. Шуни ҳисобга олиб, ҳар бир туманда мутахассислардан иборат ишчи гуруҳи ташкил этилган. 
 
Айниқса, Тожикистон билан чегарадош ҳудудларда соҳа мутахассислари томонидан кимёвий тадбирлар ўтказилмоқда. Хусусан, Узун, Сариосиё, Денов, Қумқўрғон туманларининг Тожикистон билан чегарадош бўлган жойлари, Қашқадарё вилоятининг Туркманистон билан чегарадош бўлган Нишон ва Деҳқонобод туманларида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Айтиш мумкинки, ушбу турдаги чигирткалар тоғ ва тоғ олди жойларда, трансчегаравий ҳудудларда яшашга мослашгани учун кўплаб қўшни давлатларнинг биргаликдаги муаммоси ҳисобланади. Охирги йилларда бу бўйича қўшни Тожикистон, Қозоғистон ва Туркманистон давлатлари билан ҳамкорлик қилинмоқда. Афсуски, ҳозирги пандемия шароитида улар билан тизимли равишда боғланиш ва учрашиш имконига эга эмасмиз. Шунга қарамай “Ўзагрокимёҳимоя” акциядорлик жамияти томонидан ўз вақтида зарур вазифалар бажарилмоқда.
 
Фурқат ҒАФФОРОВ,
Қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, 
профессор, Ўсимликларни ҳимоя қилиш 
илмий-тадқиқот институти лабораторияси мудири.
manba uza.uz