Бошоқли дон экин майдонларида бегона ўтларга қарши кураш бўйича амалга ошириладиган тадбирлар

2021-02-25 12:00:00

.

Мамлакатимизда аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашда ғалла давлат иқтисодиётида етакчи ўрин эгаллайди. Бошоқли дон экинларидан юқори ҳосил олишда юксак агротехник ва бошқа чоралар қўллаш билан бирга уларни турли зарарли организмлар, жумладан, бегона ўтлардан ҳимоя қилиш зарурий ва ўта муҳим омиллардан бири ҳисобланади.

Республикамиз ғаллазорларида бегона ўтларнинг 200 га яқин тури учрайди. Бегона ўтлар қишлоқ хўжалик экинларига катта зарар етказади. Улар ҳосил миқдори ва сифатини пасайтиради. Бегона ўтлар туфайли дунёда ҳар йили 20 млрд. доллар атрофида зарар кўрилади.

Бегона ўтларнинг биологик хусусиятлари уларни кўпайиши ва тарқалиши учун ўта мослашган. Улар жуда серуруғ бўлиб, хаётчанлиги узоқ йиллар йўқолмайди. Бегона ўтлар уруғлари бирданига униб чиқмайди, бир хили 1 йилда, бошқаси 3-5 йилда, яна бирлари 8-10 йил ва ундан кейин ҳам униб чиқиши мумкинлиги маълум.

Бегона ўтлар уруғлари табиат ноқулайликларига ҳам ўта чидамли. Итқўноқ уруғи -29 совуққа, янтоқники +95 иссиққа чидайди. Бегона ўтлар оқар сувлар орқали, шамол ёрдамида, ҳайвонлар ахлати орқали ёки жунига ёпишиб, қушлар ёрдамида тарқалади. Бегона ўтлар кўпгина зараркунанда ва касалликларнинг манбаи ҳисобланади, яъни ўргимчаккана- қўйпечакда, шира- бўзтиканда, карадрина- олабўтада, занг касаллигини қўзғатувчиси-буғдойиқда яшаб, кўпайиб кейин маданий экинларга ўтади.

Кўпгина зараркунанда ва касалликларнинг манбаи ҳисобланган бегона ўтлар таъсирида уруғларнинг униб чиқиш даражаси пасайиб кетади. Экинларга соя солиб, ўсишдан орқада қолдиради. Тупроқ ҳароратини 2-4 градусга пасайтириши натижасида фойдали микроорганизмлар ривожланишига тўсқинлик қилади. Бегона ўтлар фотосинтез жараёнини издан чиқариши оқибатида экинларни ётиб қолишига сабаб бўлади. Илдизидан ажраладиган холин ва бластохолин кимёвий моддалари таъсирида уруғларни униб чиқиш даражаси пасайиб, ўсимлик ўсишдан орқада қолади. Тупроқдаги намлик (сувни 330-1900 марта) ва минерал озуқаларни маданий ўсимликка нисбатан кўп истеъмол қилади. Ҳосилни йиғиб-териб олишга тўсқинлик қилади (ўрим йиғим техникаси самарадорлигини 30-40% га пасайтиради). Қўшимча харажатлар (ҳайдов, гербицид, уруғларни тозалаш, минерал ўғит ва бошқалар) орқали рентабеллик даражасини камайтириб юборади. Ҳосилнинг сифатини 20-25 фоизгача пасайтириб юборади. Айрим бегона ўтларнинг уруғи ёки пояси аралашган ғалла инсон саломатлигига ва чорва ҳайвонларига зарар етказиши мумкин. Бегона ўтлар таъсирида 15-50%гача ҳосил йўқотилиши мумкин.

Бегона ўтларнинг зарарини олдини олиш мақсадида буғдой 2-3 та барг чиқаргандан найчалаш давригача, бегона ўтлар униб чиққандан 10-15 см бўлгунча бўлган даврда (тахминан феврал ойининг охиридан апрел ойигача) кимёвий ишловлар ўтказилади, яъни гербицидлар белгиланган меъёрларда қўлланади.

2021 йилда бошоқли дон экин майдонларида бир йиллик икки паллали бегона ўтларнинг 925,7 минг гектарда, кўп йиллик икки паллали бегона ўтларнинг 258,0 минг гектарда, бошоқли бегона ўтларнинг 625 минг гектарда тарқалиши кўп йиллик маълумотлар ва соҳа олимлари ҳамда малакали мутахассисларнинг хулосалари асосида башорат қилинган.

Бегона ўтларга қарши кураш:

бир йиллик икки паллали бегона ўтларга қарши трибенуронметил 75% таъсир этувчи моддали препаратлар қўлланади, ОВХ ва штангали пуркагич билан сепилганда 1 гектар майдонга 20 грамм препарат ҳисобида 600 литр сувга 30 грамм миқдорда қўшиб 2 гектар майдонда ишлов ўтказилади. Моторли қўл пуркагичи билан сепилганда 10 литр сувга 0,5 грамм ҳисобида қўшиб 2,5 сотих майдонга қўлланади.

Кўп йиллик икки паллали бегона ўтлар (печак)га қарши Флуроксипир 40% таъсир этувчи моддали препаратлар қўлланади. ОВХ ва штангали пуркагич билан сепилганда 1 гектар майдонга 0,5 литр препарат сарфи ҳисобида 600 литр сувга 1 литр миқдорда қўшиб 2 гектар майдонга қўллаш мақсадга мувофиқ. Моторли қўл пуркагичи билан 10 литр сувга 12,5 мл ҳисобида қўшиб 2,5 сотих майдонга қўллаш лозим.

бошоқли бегона ўтлар (ёввойи сули)га қарши кладинафоп пропаргил 8% таъсир этувчи моддали препаратлар қўлланади. ОВХ ва штангали пуркагич билан ишлов ўтказилганда 1 гектар майдонга 0,4 литр препарат сарфи ҳисобида 600 литр сувга 0,8 литр миқдорда қўшиб 2 гектар майдонга қўллаш мақсадга мувофиқ. Моторли қўл пуркагичи билан 10 литр сувга 10 мл ҳисобида қўшиб 2,5 сотих майдонга қўллаш лозим.

бир йиллик икки паллали ва бошоқли (райграс) бегона ўтларга қарши мезосульфурон-метил, 3% + йодосульфурон-метил, 0,6% таъсир этувчи моддали препарат қўлланади. ОВХ ва штангали пуркагич билан 1 гектар майдонга 0,3 литр препарат сарфи ҳисобида 600 литр сувга 0,6 литр миқдорда қўшиб 2 гектар майдонга қўллаш мақсадга мувофиқ. Моторли қўл пуркагичи билан 10 литр сувга 7,5 мл ҳисобида қўшиб 2,5 сотих майдонга қўллаш лозим.

КИМЁВИЙ ИШЛОВЛАРНИ АМАЛГА ОШИРИШ

Кимёвий препаратларнинг ишчи эритмаларини тайёрлаш учун аввало пуркагич аппаратлари бакининг тахминан ярмига қадар тоза сув қуйилади ва гидроаралаштиргич ишга туширилади. Олдиндан тайёрлаб қўйилган (ўлчаб қўйилган) кимёвий препарат миқдори ўлчов идишига (челакка) солинади ва унга 5-7 литр сув қуйиб аралаштириб бирламчи эритма тайёрланади ва пуркагич бакига қуйилади. Шундан сўнг кимёвий препарат қолдиғи яна 2-3 маротаба чайилиб бак сиғимига қуйилади ва сув билан тўлдирилади. Кимёвий препаратлар пуркаш ишларини трактор пуркагичлари (ОВХ-600, ВП-1, штангали ва бошқ.) ёрдамида гектарига 200-300 литр ишчи эритмаси сарфлаб ўтказиш мақсадга мувофиқ.

ОВХ ва штангали пуркагич наконечниги учи 2 мм, иккинчи (6-7 км/соат) тезликда, 2-2,5 атм/босимда 450 бурчак остида  пуркашни таъминлаш лозим.

Кимёвий препаратларни эрталабки ва кечки пайтларда ишлатиш, бунда ҳаво очиқ, ҳарорат 18-25°С атрофида бўлиши, шамолнинг тезлиги секундига 3м дан ошмаслиги керак.

ФОЙДАЛАНГАН АДАБИЁТЛАР

  1. Азимбоев С.А. Деҳқончилик, тупроқшунослик ва агрокимё асослари: Иқтисодий (қишлоқ хўжалиги) бўйича таълим йўналиши талабалари учун дарслик /Ўзбекистон Республикаси қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги; Тош. Давлат аграр ун-ти.-Т.: Iqtisod-Moliya, 2006. – 56-78 б.
  2. Ҳамраев А.Ш., Ҳасанов Б.А., Очилов Р.О. ва бошқалар “Ғалла ва шолини зараркунанда, касаллик ва бегона ўтлардан ҳимоя қилиш”  Тошкент 1999. – Б. 34-47.
  3. Сулаймонов Б.А., Болтаев Б.С., Тиллаев Р.Ш., Абдуалимов Ш.Х. Кузги буғдой ва ғўза етиштириш асослари Тошкент: “Наврўз” нашриёти, 1917, 47-50 б.

 

“Ўзагрокимёҳимоя”  АЖ мутахассислари  қ.х.ф.ф.д.                                                    И.А.Ҳамроев
                                                                                                                                               
  Дж.Тагабаев