Бошоқли дон экинларида касалликларга қарши кураш бўйича тадбирлар

2021-04-05 12:00:00

.

Қишлоқ хўжалик экинлари ҳосилини сақлаб қолишда ўсимликларни ҳимоя қилиш соҳасининг аҳамияти катта. Халқаро озиқ-овқат ташкилоти (ФАО) маълумотларига кўра дунёда ҳар йили қишлоқ хўжалик экинлари ҳосилининг 30 фоиздан ортиғи зарарли организм (зараркунанда, касаллик ва бегона ўт)лар зараридан нобуд бўлади. Бундай нобудгарчилик ривожланган давлатларда 20-25 фоиз, ривожланаётган давлатларда 40-45 фоизни ташкил этади

Бошоқли дон экинларидан юқори ҳосил олишда уларни занг ва бошқа касалликлардан ҳимоя қилиш зарурий ва ўта муҳим омиллардан бири ҳисобланади. Дунёда буғдой ўсимликларида микроорганизмлар тарқатадиган 150 дан ортиқ касалликлар қайд этилган. Республикамиз бошоқли дон экинлари майдондарида 10 дан ортиқ турдаги касалликлар зарар етказади. Улар сариқ занг, қўнғир занг, ун шудринг, сариқ доғланиш, септориоз ва бошқа касалликлар зарар келтиради.

Ғалланинг энг хавфли офатларида бири бу занг касалликларидир. Занг касалликлари учрайдиган барча мамлакатларда улар ҳар доим қаттиқ назорат остига олинади, чунки пайдо бўлган занг жуда тез («ёнғиндай») тарқалиб, қисқа муддатда (3-4 ҳафтада) ўсимлик баргларининг аксариятини қуритиши ва дон ҳосилига жиддий зарар етказади.

Занг билан зарарланган буғдой ўсимликларининг ривожланиши, жумладан, яшил тусини сақлаган барг юзаси камаяди, илдизлар заифлашади, озуқа моддалар ва сувни ўзлаштириш сусаяди, нафас олиш кучаяди, бўйи паст, пояси нозик бўлиб қолади, ётиб қолишга мойиллиги ортади, гуллар ва бошоқчалар сони камаяди, дон пуч бўлиб қолади ва ялпи ҳосил камаяди.

Занг касалликларининг тез тарқалиши қобилияти уларнинг катта миқдорда спора ҳосил қилиш ҳусусияти билан боғлиқдир. Занг споралари ҳаво орқали фақат бир даладан иккинчи далага тарқалибгина қолмасдан, бир кеча-кундузда катта масофага тарқалиши мумкин.

Ўсимликларнинг соғлом баргларига тушган споралар уларни зарарлайди, тўқима ичида ривожланади ва 7-9 кун кейин янги иккинчи авлод споралари етилади, уларнинг босими туфайли эпидермис ёрилади ва споралар эркин ҳолатга чиқиб атрофга тарқалади. Бир мавсумда занг 7-10 марта авлод бериб, ривожланади. 

Сариқ занг касаллиги

Сариқ занг споралари 0°С (градус)да ўсишни бошлаши ва ҳаво ҳарорати 8-13°С (градус)га етганда тўқималар ичига кириб, янги споралар 12-15°С (градус) ҳароратда ҳосил қилиши аниқланган. Занг замбуруғлари зарарланган баргларининг эпидермис қатлами остида жойлашган ва қуруқ кукун шаклли споралар массасидан ташкил топган ёстиқчаларни ҳосил қилади. Буғдой баргида битта ёстиқчада сариқ занг 14-18 минг та спорани ҳосил қилиши мумкин. Агар баргда сариқ занг узунлиги 10 см келадиган битта чизиқчаси бўлса, уларда 1,0 - 1,2 млн.дона спора, 20 см лик ёстиқчалар билан тўлиқ қопланган баргда эса тахминан 30-40 млн спора бўлиши мумкин. Сариқ занг туплаш-найчалаш фазасида пайдо бўлиб, 20-30%, айрим ҳолларда 50-60%, ҳатто тўлиқ ҳосилни йўқотилишига олиб келиши мумкин.

Қўнғир занг касаллиги ҳам ўта хавфли ҳисобланади. Касаллик буғдойнинг баргларини, баъзан барг қинини зарарлайди. Буғдой баргида битта ёстиқчада қўнғир занг 16-37 минг дона спорани ҳосил қилиши мумкин. Касаллик таъсирида 25-50% ҳосил йўқотилади.

2021 йилда бошоқли дон экин майдонларида занг ва бошқа касалликларни 909,4 минг гектарда тарқалиши кўп йиллик маълумотлар ва соҳа олимлари ҳамда малакали мутахассисларининг хулосалари асосида башорат қилинган.

Бошоқли дон экин майдонларида ҳосилни самарали ҳимоя қилишда касалликнинг тарқалиш “ўчоқ”ларини ўз вақтида аниқлаш ҳамда тезкор сифатли кураш тадбирларини ўтказиш асосий тамойил ҳисобланади. Бугунги кунда Ўзбекистонда буғдойни занг касалликларидан ҳимоя қилишнинг фақат битта ишончли усули мавжуд бўлиб, бу – фунгицидлар билан ишлов беришдан иборат. Фунгицид – ўсимлик касалликларига қарши қўлланиладиган кимёвий восита ҳисобланади.

Занг касалликларига қарши об-ҳавонинг келишига қараб феврал ойининг охири март ойида касаллик белгилари пайдо бўлиши билан дунё тажрибасидан келиб чиқиб профилактик ишловлар амалга оширилади, «инфекция босими» кучли бўлса ёки далада занг билан бирга бошқа касалликлар ҳам учраса, об-ҳаво башоратини ҳисобга олган ҳолда, биринчи ишловдан кейин 20-30 кун ўтгач, иккинчи ва яна шунча вақтдан сўнгра учинчи марта ишлов бериш талаб этилиши мумкин. Ушбу тизим қўлланилганда касалликнинг олди олиниб ҳосил асраб қолинади.

Занг ва бошқа касалликларга қарши кураш:

Биринчи бочқичда Пропиконазол+Тебуконазол ёки Пропиконазол+ципроконазол таъсир этувчи моддали препаратлар қўлланади. ОВХ ва штангали пуркагич билан 1 гектар майдонга 0,2-0,3 литр препарат сарфи ҳисобида 600 литр сувга 0,4-0,6 литр миқдорда қўшиб 2 гектар майдонга қўллаш мақсадга мувофиқ. Моторли қўл пуркагичи билан 10 литр сувга 5-7,5 грамм ҳисобида қўшиб 2,5 сотих майдонга қўлланилади.

Иккинчи босқичда Тебуканозол 12,5%+Триадимефон 10% таъсир этувчи моддали препаратлар қўлланади. ОВХ ва штангали пуркагич билан 1 гектар майдонга 0,4литр препарат сарфи ҳисобида 600 литр сувга 0,8 литр миқдорда қўшиб 2 гектар майдонга қўллаш мақсадга мувофиқ. Моторли қўл пуркагичи билан 10 литр сувга 10 грамм ҳисобида қўшиб 2,5 сотих майдонга қўллаш тавсия этилади.