Пиёз ва саримсоқ экинларини парваришлаш, зараркунанда, касалликлар ва бегона ўтлардан ҳимоя қилиш.

2021-06-29 12:00:00

.

Пиёз ва саримсоқ парҳезбоп, шифобахш ва овқат ҳазм қилишлик, бактерицидлик хусусиятларга эга ҳамда фойдали витаминлар ва эфир мойларига бой сабзавот турларидан ҳисобланиб, кундалик эҳтиёждан ташқари қайта ишлаш саноатида ҳам кўп миқдорда қўлланилади.

Пиёз ва саримсоқ – икки йиллик пиёзгулдошлар оиласига мансуб  ўтсимон ўсимлик бўлиб, инсон организми учун жуда фойдали маҳсулот сифатида истеъмол қилинади. Таркибида фитонцидлар, эфир мойи, С ва В витаминлари, органик кислоталар ва инсон организми учун керакли бўлган бошқа моддалар мавжуд.

Пиёзнинг маҳаллий шароитда яратилган Истиқбол, Зафар, чет элнинг Манас, Дайтона, Леоне, Банко, Родар нав ва дурагайларини экиш тавсия этилади. Ушбу навлардан ўртача 285–300 ц/га ҳосил олинади.

Юртимизда пиёз ёзги-кузги муддатда шимолий минтақаларда
15 август – 1 сентябрь, бошқа вилоятларда 15 август – 15 сентябрда гектарига 12–15 кг меъёрида уруғ сарфлаб экилади. Пиёз СКОН-4,2, СММ-4 русумли сеялка билан ернинг нишабига қараб қатор ораларини 70–90 см. дан олиб тўрт қаторли усулда экилади. Уруғлар ерга 1,5–2 см чуқурликка кўмилади.

Ўғитлаш. Пиёз ўсимлиги патак илдизли сабзавот бўлиб, илдиз тизими асосан тупроқнинг устки қисмига яқин жойлашган. Шунинг учун у ернинг устки қисмида асосий озиқа элементларни кўп бўлишини талаб қилади. Тупроқ типларига қараб ўғитлаш меъёр ва нисбатлари ўзгаради:

бўз тупроқларда ҳар гектар ерга ўртача 300 кг азот, 220 кг фосфор ва                90 кг калий;

ўтлоқи, ўтлоқи ботқоқ тупроқларда 250 кг азот, 200 кг фосфор, 80 кг калий;

шўрланган, тупроқ бонитети паст бўлган ўтлоқи тақир, тақир тупроқларда пиёз етиштирилганда гектарига 320 кг азот, 220 кг фосфор ва
100 кг калий бериш тавсия этилади.

Режалаштирилган ҳосилга белгиланган фосфор ўғит йиллик миқдорининг 70–75 фоизи ернинг асосий ишловида, қолган қисми эса бороналашдан олдин берилади. Азот ўғитини эса вегетация даврида озиқлантириш пайтида тенг иккига бўлиб берилади. Биринчи озиқлантириш пиёз яганалаб, пиёз боши ўтоқ қилингандан сўнг, иккинчиси эса шакллана бошлаганда берилади. Пиёз ўсимлигига органик ўғитлардан янги гўнгни бериш тавсия этилмайди. Гўнг берилганда унинг таркибидаги бегона ўтлар уруғлари униб чиқиб, олинадиган ҳосилга салбий таъсир этади.

Суғориш. Пиёз ҳаво нами паст жойларда яхши ўсади, аммо тупроқнинг сернам бўлишини хоҳлайди. Пиёзнинг барг шапалоғини кичиклиги ва сувни тежаб-тергаб сарфлашига қарамасдан, унинг илдизи яхши ривожланмаганлигидан тупроқ намлигига талабчанлиги ниҳоятда кучли. Уруғ униб чиқаётган ва пиёзбоши шаклланаётган даврда экиннинг сувга талаби айниқса ошади. Фақат ўсув даврининг охирида ва пиёзбошлар етилган пайтдагина ўсимликнинг сувга бўлган талаби бир оз камаяди. Бу даврда тупроқ ҳаддан ташқари сернам бўлса, пиёз кечроқ етилади ва уни узоқ сақлаб бўлмайди. Тупроқ нами етишмаса, пиёз бошининг катталашиши сустлашади, ўсув даврини барвақт тугаллайди, камбарг ва пиёзбоши майда бўлади, оқибатда ҳосилдорлик кескин камаяди.

Суғорганда тупроқ етарли даражада намиқмаса барги оқиш-яшил тусга

кириб, учи эгилади. Ортиқча намланганда эса барги оч яшил рангга киради.

Август пиёзи экилиши биланоқ кетма-кет суғорилади. Уруғни қийғос ундириб олиш учун уруғ суви берилади. Бунда сув жилдиратиб оқизилиб марзанинг тепаси қорайгунча тўхтатилмайди. Шунда тупроқ бир текис намиқиб уруғнинг ёппасига кўкариши учун шароит яратилади. Ўсимлик яхши илдиз отиб ўзини обдон ўнглаб олгунича (кеч кузгача) сувдан қолдирмайди. Шу мақсадда август пиёзи кузги ёғингарчилик бошлангунича ўсув даврида уруғ сувидан ташқари яна икки марта суғорилади. Кузги пиёз кўкламда апрель ойидан бошлаб, яъни ёғин-сочин тўхтагандан кейин, кўклам-ёзда эса Баҳорда экилган пиёз каби суғорилади. Шуни унутмаслик керакки, август пиёзи қарийб бир ой эртароқ етилади. Шунга мувофиқ экин ўсув даврида икки-уч сувни камроқ ичади.

Юқорида айтилганидек, пиёз илдизлари тупроқнинг юза қатламига таралишини ҳисобга олиб ҳар галги суғоришда гектарига 350–400 м3 ҳисобидан сув берилади.

Саримсоқ. Саримсоқ совуққа чидамли ўсимлик. У +3–5°С ҳароратда кўкариб чиқади. -7–8°С гача бўлган совуққа чидайди. Саримсоқнинг ўсиши учун 1-даврида ҳарорат 5–10°С, паллалар ҳосил қилаётганда 15–20°С ва етилаётгада 20–25°С бўлиши керак. 20°С дан юқори ҳарорат илдизларнинг ўсишини тўхтатиб қўяди. Мамлакатимизда саримосоқнинг асосан кузда ёки кеч кузда экиб ўстириладиган, гулпоя ҳосил қиладиган маҳаллий навлар районлаштирилган.

Экиш тавсия этиладигавн навлар: Майский Вир ва Южно-Фиолетовой, Чидамли ва ҳ.к.

Алмашлаб экишда саримсоқ бодринг, карам ва картошка далани бегона ўтлардан тозалайдиган экинлардан кейин экилгани маъқул. Тупроқ турига қараб саримсоқ экилган ерга гектарига соф ҳолда 100–150 кг азот, 100–120 кг фосфор ва 50 кг калий ўғити солинади. Саримсоқ экиладиган ерга янги гўнг солиш ярамайди, чунки бу ҳосилнинг етилишини кечиктиради ва яхши сақланмайди.

Саримсоқ асосан кузда – сентябрь-октябрнинг бошларида экилади. Бундан кечиктириб экилса кузда, яхши илдиз олишга улгурмайди, оқибатда қишки паст ҳароратдан ва турли касалликлардан зарарланади.

Саримсоқ паллалари йирик-майдалилига қараб гектарига 1–1,5 тонна ҳисобидан экилади. Саримсоқ паллалари йирик ва экиш меъёри ортиши билан ҳосилдорлик ҳам юқори бўлади. 2–3 қатор қилиб экилганда ленталар ораси 50–60 см, ленталардаги қаторлар ораси 10–15 см, қатордаги ўсимликлар ораси 6–8 см бўлади. Булбочкалар паллаларга қараганда қалинроқ экилади, қаторлардаги ўсимликлар ораси 2–3, чуқурлиги 3–4 см қилинади. Бунда гектарига 80–100 кг гача булбочка – уруғлик сарфланади. Саримсоқ паллалар 5–6 см чуқурликка экилади.

Суғориш. Саримсоқ кузда, совуқ тушгунча 1–2 марта суғорилади. Кўкламда (февраль охири-март бошида) экилган саримсоқ одатда кузда экилганига қараганда кам ҳосил беради.

Саримсоқни кўклам-ёзда парвариш қилиш: 5–6 марта суғориш, қатор ораларини юмшатиш, бегона ўтларни йўқотиш, чопиқ қилиш, гулпояларини синдириб ташлаш, минерал ўғитлар билан озиқлантириш ва чиринди билан мульчалаш ҳосилни анча оширади. Ҳосилни йиғишга 20–30 кун қолганда суғориш тўхтатилади. Саримсоқ ҳосили июнь-июль ойларида йиғиштириб олиниб, сўнг яхшилаб қуритилади, барги ва гулпояси бўғзидан 3–5 см қолдириб кесиб ташланади ҳамда сараланади, Палладан экилган саримсоқ ҳосили гектаридан 7–8 т, пиёзчадан экилганда – 1,5–2 т ва ҳаво пиёзчаларининг ҳосилдорлиги гектаридан 4–5 ц дан беради. Саримсоқ ҳарорат 1–3°С ва ҳаво намлиги 75–80% бўлганда яхши сақланади.

Пиёз ва саримсоқдан мўл ва сифатли маҳсулот олишнинг асосий омилларидан бири зараркунанда, касаллик ва бегона ўтлардан ҳимоя қилишдир. Пиёз ва саримсоқни зарарли организмлардан ҳимоя қилиш чоралари кўрилмаса  ўртача 30 – 40 % ҳосил нобуд бўлади.

Пиёз ва саримсоқпиёз экинлари орасида жағ-жағ, сассиқпоя, қуртэна, салатўт, чумчуқтили, мойчeчак, ёввойи турп, аччиқўт, юлдузўт, олабўта, қизилтасма, бангидeвона, исмалоқ каби бир йиллик икки паллали ва ғумай, ажриқ, сув ўтлари каби бошоқли бегона ўтлар кенг тарқалган.

Пиёз ва саримсоқ экинларининг бегона ўтларни йўқотишда гербицидлардан фойдаланиш юқори  самара беради.  Бунда бир йиллик икки паллали ва бошоқли бегона ўтларни йўқотиш учун уруғни экишгача ёки униб чиққунига қадар гектарига Пендиметалин асосли (А-стоп 330 г/л эм.к., Зорро 33% эм.к., Самурай 33% эм.к., Степ 33% эм.к., Стомп 33% эм.к., Стоп 33% эм.к., Стопин 33% эм.к., Супер Стомп 33% эм.к., Тандем 33% эм.к., Фист 33% эм.к., Химстоп 33% эм.к., Энтостоп 33% эм.к., Эстамп 330 г/л эм.к., Пендат 30% эм.к., Стомп Плюс 33% эм.к.,  препаратлари 2,3,0-4,5 л/га, Сим-Сим 50% эм.к., Стонп 50% эм.к., Эвито Плюс 50% эм.к., Степ 500, 50% эм.к. препаратлари 1,5-3,0 л/га, Фист Голд 45% капс.сус.к. препарати 1,7-3,3 л/га), гербицидлар 300 литр сувга аралаштирилиб тупроққа сепилади.

Пиёз ва саримсоқпиёзни ниҳолларида 3–4 тадан чинбарглик даврида бир ва кўп йиллик бошоқли бегона ўтлар(ажриқ, ғумай, сув ўтлари ва бошқалар)га қарши бегона ўтларнинг бўйи 5–10 см бўлганда гектарига Флуазифоп-п-бутил асосли Легион супер 12,5% эм.к., Фюзилад супер 12,5 % эм.к., 1,0–2,0-4,0 литр ёки Сетоксидим асосли Набу 20% эм.к. 1,5-3,5 литр, Галоксифоп-R-метил асосидаги (Зелдек экстра 104 л/г эм.к.,Зеллек супер 104 л/г эм.к., Галоксифоп Супер 10,4 % эм.к., Галомекс 104 г/л эм.к., Гербион 104 г/л эм.к., Драгон Супер 104 г/л эм.к., Зеллекснур 104 г/л эм.к., Зеровид Супер 10,4 % эм.к., Рамон Супер 104 г/л эм.к., Эссек Супер 104 г/л эм.к.  1,0 л/га) препаратларини қўллаш тавсия этилади.

Пиёз экинларининг бир йиллик икки паллали бегона ўтларга қарши  2-4 та чин барг чиқарган даврда ишловлар гектарига Оксифлуорфен асосли (Оксигол 24% эм.к., Гоал 2Е 24% эм.к., Оксигард 24% эм.к., Хадаф 24% эм.к., А-Окси 240 г/л эм.к. Глорин 24% эм.к., Гол 240 г/л эм.к., Оксигал 24% эм.к., Окси Голд 24% эм.к., Оксигоал 24% эм.к.) 0,5-1 литр, ҳамда бир йиллик икки паллали ва бошоқли бегона ўтларга қарши Бромоксинил октаноат асосли Ноугрин 28% эм.к. препаратини 1,5-2,0 литр ҳамда Гатрил Супер 28% эм.к. препаратини 1,8 литрдан қўллаш тавсия этилади.

Гербицидларни тракторга осиб ишлатиладиган ОВХ, ВП-1, моторли қўл пуркагичлари ёрдамида 300 литр ишчи суюқлиги ҳисобида сепилади.

Пиёз экинларини зараркунандаларидан пиёз пашшаси, тамаки трипси ўсув даврида жиддий зарарлайди.

Пиёз пашшаси – барча пиёз экиладиган ҳудудларда учрайди. Бу зараркунанда таъсирида саримсоқ ва пиёзнинг ҳосилдорлиги  20-25 фоизга камайиб, бозорбоплиги, сифати пасаяди. Пиёз пашшасининг катталиги 6-7 мм, ранги сарғиш-кулранг, қуртларининг олд томони ингичкалашиб келган, тўқ сариқ ранг, оёқсиз, узунлиги 9-10 мм келади. Орқа қисми тўмтоқ. Ғумбаги жигарранг, сохта пиллага ўралган бўлади. Пиёз пашшаси ғумбак шаклида тупроқда 10 – 20 см чуқурликда қишлайди. Вояга етган пашшалар қоқиўт, олча гуллаганда учиб чиқиб, 5-10 кун гул нектари билан озиқланиб, тухум қўя бошлайди. Урғочи пашшалар тухумларини 5-20 тадан тўп-тўп қилиб ёки биттадан барг қинчаларига, илдиз бўғзи атрофидаги тупроқ ёриқларига қўйишади. Урғочи пашшалар 50 – 60 кун яшаб 150 – 200 тагача тухум қўйишади. Тухумдан чиққан личинкалар пиёзбошга барглар асосидан ёки илдиз тарафдан кириб олиб, у ерда 15 – 20 кун ривожланади. Битта пиёзбошда 50 тагача личинка ривожланиши мумкин (1-расм).

 

1-расм. Пиёз пашшасининг етук зоти (чапда) ва ғумбаги (ўнгда).

Тамаки трипси – пиёз, карам, тарвуз ва бодринг ўсимликларини кучли зарарлайди. Трипс пиёз баргининг ширасини сўриб, зарар етказади. Зарарланган баргларда оқиш-кумушранг доғлар пайдо бўлади, кучли зарарланганда доғлар қўшилиб кетади, барглар йиртилиб кетади ёки буралиб, сарғайиб, қуриб қолади. Битта урғочи трипс ёш баргларга 100 тагача тухум қўяди. Қулай шароитда трипс сони бир туп ўсимликда 1000 тадан кўп бўлиши кузатилган. Бир йилда 7-8 авлод беради (2-расм). Тамаки трипси жағ-жағ, ёввойи турп, қуртэна, қўйтикан, қўйпечак, сарсабил, отқулоқ, ерқалампир каби бегона ўтларда ёппасига кўпаяди. Зараркунандаларга қарши курашда кимёвий ишловни одатда бу зараркунанда ҳашаротлар тарқалган ерларда, ўсимлик зарарланганлиги кўзга ташланганда ёки 3-4% ўсимлик зарарланганлигида бошланиши лозим.

2-расм. Тамаки трипсининг личинкаси (чапда) ва етук зоти (ўнгда).

 

Зараркунандаларга қарши Имидаклоприд асосли (Омиграйд 35% сус.к., 0,12 л/га), Лямбда­цигалотрин асосли (Каратнур 7% эм.к., Киллер Экстра 10% эм.к., Киллер Нео 10%  эм.к. 0,2-0,3 л/га), Перметрин асосли (Корал 10% эм.к. 0,2-0,3 л/га), Профенофос + лямбда­цигалотрин асосли (Политин 31,5%  эм.к. 0,6-1,0л/га, Политрин Плюс 31,5% эм.к., Политрин Про 31,5% эм.к., Самбо 31,5 % эм.к. Politin Grant 31,5% эм.к. 1,0 л/га,  Gunfost 65% эм.к. 0,5-0,7 л/га), Профенофос + циперметрин (Фосметрин 44% эм.к. 0,5–1,0 л/га), Спиротетрам + имидаклоприд асосли (Мовенто Энерджи, к.с., 0,4-0,6 л/га), Тиаметоксам + имидаклоприд + лямбдацигалотрин асосли (Im-La-Tiam Super 27,5% н.кук. 0,2-0,25 кг/га), Хлорпирифос асосли (Альфа Релл 48% эм.к., Дустбан 48% эм.к., 0,5-0,7 л/га), Хлорпирифос + дельтаметрин (Арсен 42,4% эм.к. 1,5 л/га), Циперметрин асосли (Моерметрин 25% эм.к. 0,3 л/га), эмамектин бензоат + абамектин асосли (Бимектин 15% с.д.г.  0,15 л/га) препаратлар тавсия қилинган.

Пиёз экинларида сохта ун-шудринг, фузариоз, илдиз чириш касалликлари жиддий зарар етказади.

Пиёзнинг сохта ун шудринг (мильдью, пероноспороз) касаллигини  Peronospora schleideniana оомицет замбуруғи қўзғатади. Касаллик пиёз ва саримсоқни зарарлайди. Касаллик қўзғатувчи замбуруғлар  пиёзбошларда уларни чиритмасдан мицелий шаклида ва ўсимлик қолдиқларида ооспоралари ёрдамида қишлайди. Уруғлик экилгандан сўнг касаллик ривожланиб саримсоқ ва пиёзни зарарлайди. Касалланган ўсимликнинг барглари оч-яшил, сўнгра сарғиш тус олади, устида олдин оқ, кейин кулранг-бинафша тус олувчи юпқа моғори қатлами ҳосил бўлади. Зарарланган барглар сарғаяди ва сўлади, ўқбарглар синади. Улар шамол орқали тарқалиб кўпаяди ва ўсув даврида касаллик 7 марта авлод беради.

Пиёзбоши тагидан ёки фузариоз чиришини Fusarium oxysporum f. cerae замбуруғи қўзғатади. Ўсимликларнинг барглари сарғаяди ва тепасидан бошлаб чирийди. Илдизларидан бошлаб чириб кетади. Пиёзбошлар ташқи белгларсиз зарарланиши мумкин. Уни бўйига кесилса, бўғзи ёки ички қатламларидан бир нечтаси юмшагани, баъзан қўнғир тус олгани, қатламлар орасида оч пушти ёки оқ моғор пайдо бўлгани кўринади. Қуруқ об-ҳаво шароитида зарарланган пиёзбош қаттиқ, қуруқ ва буришган бўлиб қолади. Пиёз ва саримсоқнинг касалликларга қарши ҳимоя тадбирлари ўтказилмаса, ўсимлик заиф бўлиб, сарғаяди, кучли тарқалганда нобуд бўлади. Касалликларга қарши Боскалид + пираклостробин асосли (Беллис 380 г/кг с.д.г. 0,8–1,2 кг/га), Пираклостробин + метирам асосли (Кабрио Топ 600 г/кг с.д.г. 1,5–2,0 кг/га), Флуазинам + диметоморф асосли (Банджо Форте сус.к. 0,8–1,0 л/га),  Цимоксанил + манкоцеб асосли (Манкоцеб Голд 72% н.кук. 1,5–2,0 кг/га), Диметоморф + манкоцеб асосли (Акробат МЦ 690 г/кг, с.д.г. 2,0 кг/га), Манкоцеб + металаксил М асосли (Ридомил Голд МЦ 68% с.д.г. 2,5 кг/га), Пропинеб асосли (Антракол 70% н.кук. 2,0 кг/га), Фолпет + мандипропамид асосли (Пергадо Ф 450 г/кг с.д.г. 2,5 кг/га)препаратларни қўллаш тавсия этилади.

 

Фойдаланилган адабиётлар.

  1. Нагайбеков А., Сербинов В., Муминов О. Сабзавот-полиз экинларининг зараркунандалари ва касалликлари. – Тошкент:  Ўзбекистон, 1969.–200 б.
  2. Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигида ўсимлик зараркунандалари, касалликларига ва бегона ўтларга қарши фойдаланиш учун рухсат этилган кимёвий ва биологик ҳимоя воситалари, дефолиантлар ҳамда ўсимликларнинг ўсишини бошқарувчи воситалар рўйхати. – Тошкент. – 2016. – 384 б.
  3. “Ўзбекистон республикаси қишлоқ ҳўжалигида ўсимлик зараркунандалари, касалликларига ва бегона ўтларга қарши фойдаланиш учун рухсат этилган кимёвий ва биологик ҳимоя воситалари, дефолиантлар ҳамда ўсимликларнинг ўсишини бошқарувчи воситалар рўйхати”га қўшимчалар. – Тошкент. – 2018. – 88 б.
  4. Акромов Б.А. Оддий ва саримсоқ пиёз экинларнинг асосий зараркунандалари ва уларга қарши кураш чораларини ишлаб чиқиш: Номзодлик диссертацияси автореферати, Тошкент, 2007 – 22 б.
  5. https://www.agro.uz/uz/services/recommendations/8573.

 

“Ўзагрокимёҳимоя” акционерлик жамияти, қ.х.ф.ф.д.                                                                                     И.Ҳамроев