ҒАЛЛА ЗАРАРКУНАНДАЛАРИ

Ғалла зараркунандалар ва касалликлар билан сезиларли ва баъзилари билан кучли даражада зарарланадиган ўсимликлар қаторига киради. Ўзбекистон ҳудудида ғалла биоценозида 16 дан ортиқ зараркунандалар учрайди. Катта майдонларга тарқалиб жиддий зарар етказадиган асосий зараркунандалар зарарли хасва, шира, трипс, шилимшиқ қурт, ғалла пашшалари, визилдоқ қўнғизлар хисобланиб, айрим йилларда қулай шароит пайдо бўлганида оммавий кўпайиб кенг майдонларга тарқалади ҳамда сезиларли даражада ҳосилга зарар етказади.

Республика шароитида бу асосий зараркунандаларга қарши ўз вақтида кураш чоралари ўтказилмаган холларда ҳосилнинг 25-30% ва айрим ҳолатларда ундан ҳам кўпроқ йўқотилишига олиб келиши мумкин.

Зарарли хасва буғдойнинг тупланиш, най тортиш, бошоқ тортиш ва пишиш фазаларида зарар етказади. Зарарли хасва вояга етган ҳолда ўсимлик қолдиқлари ва барг хазонлари остида қишлайди. Март ойининг учинчи ўн кунлиги – апрель ойи давомида ғаллазорлар томон учиб тарқала бошлайди. Найчалаш даврида зарарланган поя бошоқ чиқармайди ёки бутунлай оқ бошоқ (яъни пуч) бўлиб қолади. Пишмаган бошоқ зарарланиши натижасида дон таркибидаги оқсил ва клейковина миқдори камайиб кетади. Бошоқдаги 2% донларнинг зарарли хасва билан зарарланиши бундай доннинг ун ишлаб чиқариш учун яроқсиз бўлиб қолишига олиб келади. Буғдой ҳосилдорлигини 60% гача камайтиради. Зарарли хасва зарарлаган пайкаллардан олинган уруғлик доннинг униб чиқиши 50% гача камаяди. Зарарли хасва мавсумда 1 марта авлод беради (Хўжаев, 2015 й.).

Зарарли хасва июль-август ойларининг охирида қишловга кетиш учун тоғ ён бағриларига ҳамда адирликларга учиб боради (етук зоти) ҳамда шу ерда ўсимлик қолдиқлари остида қишловга кетади. Айрим йилларда зарарли хасванинг 30-40 фоизи ғалла экилган майдонларнинг ҳайдалмайдиган уватларида қишлаб қолиши ўтказилган кузатувларда аниқланди.

2021 йил шароитида ғалла майдонларида зарарли хасвани 644,1 минг гектарда майдонда тарқалиши башорат қилинмоқда.

Буғдой трипси барча ҳудудлардаги буғдойзорларда учрайди. Бошоқланиш даври бошланиши билан етук трипслар пайдо бўла бошлайди. Личинкалар бошоқ қобиғи ичига кириб, қобиқ ва гул ширасини, кейинчалик эса дон ширасини сўриб озиқланади. Ҳосил ўрим-йиғимига яқинлашганда личинкалар озиқланишни тугатиб тупроққа туша бошлайди ва ўша ерда ҳамда уватларда кейинги йилгача қишловга кетади. Мавсумда 1 та авлод беради. Кураш чоралари ўтказилмаса буғдой ҳосилдорлигини 50% гача камайтиради.

Соҳа олимларининг кузатувлари ва ўтказилган тажрибаларидан маълум бўлдики (Пўлатов, Ўразбоев, 2009) буғдой трипсининг личинкалари ғалла экилган майдоннинг уватларида ҳамда ғалладошлар оиласига мансуб бўлган бегона ўтларнинг қолдиқларида қишловга кетади (Пўлатов, Ўразбоев, 2017й.).

Ғалла шираси. Ўзбекистон шароитида ғалла экинларига 6 та тур ширалар (оддий ғалла шираси, катта ғалла шираси, арпа шираси, черёмуха ғалла шираси, сули ёки маккажўхори шираси ва атиргул ғалла шираси) зарар етказади. Баҳорда кунлар исиши билан личинкалар чиқиб озиқлана бошлайди. Тўртинчи гуллашдан кейин қанотсиз урғочиларга айланади. Бу урғочилар тирик туғиб кўпаяди. Кейинги авлодлари қанотсиз ва қанотли тарқатувчиларга ажралади. Мавсум давомида ширалар 10-12 авлод беради. Ширалар доимо ўсимликнинг яшил ва юмшоқ қисмида шарбатини сўриб озиқланади. Натижада ўсимлик сарғайиб қуриб қолади. Кучли зарарланганда ғалла бошоқ тортмайди. Кузги ғаллада ҳамда ғалладошлар оиласига мансуб бўлган ўсимликларда урғочилари қўйган тухумлари қишлаб чиқиши ўтказилган кузатувлар натижасида аниқланди.

2020 йил мавсумида ғалла майдонларида шира-трипсни 122,8 минг гектар майдонда тарқалиши башорат қилинмоқда.

Шилимшиқ қурт (пьявица). Кемирувчи зараркунанда бўлиб, Республикамизнинг барча ғаллазорларида учрайди. Об-ҳаво шароитига боғлиқ ҳолда март ойининг 1-2 ўн кунликларида қишловдан чиқади. Урғочиси занжирсимон шаклда 3-7 тадан 200 тагача тухум қўяди. Тухумдан 7-14 кунда личинка чиқади. Личинкаси икки ҳафта давомида барг билан озиқланиб, шилимшиқ қопламасини ташлаб тупроққа тушади ва 2-3 см чуқурликда ғумбакка айланади. Икки ҳафтадан сўнг пиллада қўнғиз пайдо бўлади ва баҳоргача тупроқда қолади. Шилимшиқ қурт йилига 1 марта авлод беради. Шилимшиқ қурт личинкаси кучли зарарлаганда 50 фоизгача ҳосилни камайтириши мумкин. Бу ҳол айниқса қурғоқчилик йилларида яққол сезилади. Унинг қўнғизи тупроқда қишлайди.

2021 йилда ғалла майдонларида шилимшиқ қуртни 107,6 минг гектарда майдонда тарқалиши башорат қилинмоқда.

2021 йил мавсумида зарарли хасва ва бошқа зараркунандаларни ғалла экилган майдонларда республика бўйича 851,8 минг гектар майдонда ривожланиши ва сезиларли даражада тарқалиши башорат қилинмоқда.

ҒАЛЛА КАСАЛЛИКЛАРИ

Сариқ занг касаллиги. Сариқ занг замбуруғлари баргларда узун қатор-қатор жойлашган сариқ доғлар ҳосил қилади. Бу касалликни экинларга тарқалиши ва қишлаши қўнғир зангдан фарқ қилмайди. Сариқ занг споралари 0°Сда ўсишни бошлайди ва ҳаво ҳарорати 8-13°С га етганда тўқималар ичига киради. Янги споралар 12-15°С ҳароратда ҳосил бўлади ва шамол ёрдамида фаол тарқалади. Буғдой ҳосилдорлигини 50-60%, айрим ҳолларда 100% гача йўқотилиши мумкин.

Қўнғир занг касаллиги. Касаллик белгиларидан бири – баргларда думалоқ, тарқоқ ҳолда жойлашган, сарғиш-қўнғир доғ ҳосил бўлишидир. Улар ичида ривожланган споралар бошқа ўсимликларга ҳаво ҳарорати 23-26°С га етганда шабнам, ёмғир ва шамол ёрдамида ўтади. Касаллик манбаи ёввойи ҳолда ўсадиган бошоқли бегона ўтлардир. Споралар кузги буғдой экинларига ўтади ва касаллик тарқалади. Қишда замбуруғ майсаларнинг ичида мицелий ва пустула ҳолида қишлайди. Буғдой ҳосилдорлигини 25-50% гача камайтириши мумкин.

2021 йилда занг касалликларини республика бўйича 894,9 минг гектар майдонда тарқалиши кутилмоқда.

Ун шудринг касаллиги. Касалликнинг дастлабки белгилари ўсимликларнинг баргларида оқ пахтасимон доғ қатлами ҳосил қилиш билан бошланади. Сўнгра қатлам қалинлашиб, кулранг ёки сарғиш-кулранг, бўртиб чиққан ёстиқчалар тусига киради. Касаллик пастки баргдан юқоридаги баргларга ва бошоқларга ўтади. Ёстиқчалар устида касаллик қўзғатувчи замбуруғнинг конидиялари пайдо бўлади. Конидиялар шамол орқали бошқа ўсимликларга ўтади. Касаллик ҳаво ҳарорати 15 – 20°С ва нисбий намлиги 80 – 95% бўлганида жуда ҳам тез тарқалади ва ривожланади. Буғдой ҳосилдорлигини 25 – 30% гача камайтириши мумкин.

2021 йилда ғалла майдонларида ун-шудрингни 114,8 минг гектар майдонда тарқалиши башорат қилинмоқда.

Септориоз касаллиги Тошкент, Самарқанд, Жиззах ва Қашқадарё ва Фарғона водийси вилоятларида кенг тарқалади. Бу касаллик буғдой баргларида қора мева таначаларини ҳосил қилади ва улардан конидиялар чиқиб ёмғир ва шамол ёрдамида бошқа ўсимликларга ўтиб тарқалади. Замбуруғнинг пикнидиялари ва мицелийлари қишловдан чиқиб баҳорда ёш ўсимлик майсаларга тарқалади. Буғдой ҳосилдорлигини 35-45% гача камайтириши мумкин.

2021 йил шароитида ғалла касалликларининг ўтган йилларга қараганда кўпроқ ривожланиши ва тарқалиши башорат қилинмоқда. Бу ҳолат касалликларни экилган асосий навларга нисбатан агрессив ирқларини (расаларини) мавжудлиги, споралар заҳирасига, баҳор ойлари об-ҳаво шароитлари, чидамли ва чидамсиз навлар экилган майдонларга кўп жиҳатдан боғлиқ бўлади.

2021 йил мавсумида республика бўйича 909,4 минг гектар майдонда занг ва бошқа касалликларнинг ривожланиши ва сезиларли даражада тарқалиши башорат қилинмоқда.

                           2021 йилда ғалла майдонларида касалликларни тарқалиши башорати

БЕГОНА ЎТЛАР

Ғўза майдонларида бегона ўтлар. Бегона ўтлар далалар атрофида, қишлоқ хўжалиги экинлари майдонларида, бўш партов ерларда, ариқлар ва йўллар бўйларида, уйларга яқин ва бошқа ҳар хил жойларда ўсадиган ўсимликлар бўлиб, дунёда уларнинг бир неча минг тури тарқалган. Ўзбекистонда бегона ўтларнинг 72 та оилага мансуб бўлган 841 тури учрайди. Шундан 519 тури бир йиллик, 322 тури эса кўп йиллик ўсимликлардир. Бегона ўтлар қишлоқ хўжалигига катта зарар етказади.

Республиканинг суғориладиган ерларида бегона ўтларнинг 400 тадан кўпроғи қайд этилган бўлиб, ғаллазорларда бегона ўтларнинг 200 га яқин тури, пахтазорларда 74 тадан кўп тури учрайди.

Бегона ўтлар ғўза майдонида, намлик, озуқа моддалар ва қуёш нури учун рақобат қилади, шерик бўлади, ҳосилдорликни камайтиради ва натижада тола ҳосили ва сифатини пасайтиради, йиғим-теримни қийинлаштиради. Транспирация жараёни жуда фаоллиги сабабли бегона ўтлар маданий экинларга нисбатан 330-1900 марта кўпроқ сувни ўзлаштириши мумкин, тупроқ намлигини қочиради ёки уни қуритади. Озуқа моддаларни ғўза ва бошқа экинларга нисбатан кўп ўзлаштиради, айниқса азотни кўп миқдорда ўзлаштиради.

2021 йилда республика бўйича бегона ўтларни 704,0 минг гектар ғўза майдонларида иқтисодий зарар етказиш мезонидан кўп миқдорда тарқалиши кутилмоқда.

Ғалла майдонларида бегона ўтлар. Бегона ўтлар ғалла экинларини униб чиқишидан тортиб то ҳосилини йиғиштириб олишгача бўлган даврда ўсимликнинг бир меъёрда ўсиши ва ривожланишига тўсқинлик қилади. Бу бегона ўтлар ғаллага бериладиган маҳаллий ва минерал ўғитларни, ёруғлик ва суғориш сувларини кўплаб ўзлаштириш қобилиятига эгадир. Бегона ўтлар ғалла экинларига нисбатан тез ривожланади ва натижада ғалла учун берилган озиқ моддаларни ўзига ўзлаштириш кўрсаткичлари 30-40% юқори бўлиб, дон ҳосили ва сифатини 20-50% гача камайтиради (Сиддиқов, Пўлатов ва б., 2012).

Ғаллазорларда ҳосилдорликка жиддий зарар етказадиган бир йиллик икки паллали бегона ўтлардан: шўра, олабута, жағ-жағ, чакамиғ, қоқи ўт, ит узум, бўри тароқ, қуш қўнмас, ғўза тикон, ёпишқоқ ўт, ёввойи супурги ўт, тугмача ўт, лолақизғалдоқ, ёввойи сабзи, ёввойи турп ва бошқалар ҳамда бир йиллик ғалласимон бегона ўтлардан: курмак, кўк итқўноқ, ит қўноқ, ёввойи сули, тулки қуйруқ, так-так, райграс, мастак ва бошқалар кўплаб учрайди.

Бу бегона ўтлар ғалла экин майдонларига суғоришда сув, чиритилмаган гўнг орқали ҳамда дала четлари, йўл ёқалари, ариқ бўйлари, лоток атрофлари ва катта-кичик зовурлар атрофидаги ўсувчи бегона ўтлар уруғларининг пишиб тўкилиши оқибатида тарқалиши кузатилади. Масалан, бир туп шўра бегона ўти ўсув даврида 100 мингдан 7 миллионтагача уруғ беради, курмак бегона ўти эса 600 минг донагача уруғ бериш қобилиятига эга бўлиб, уларнинг уруғлари ноқулай шароитда ҳам унувчанлик қобилиятини 10-15 йилгача йўқотмайди.

Республика бўйича 925,7 минг гектарда бир йиллик икки паллали, 258 минг гектар майдонда кўп йиллик (қўйпечак) икки паллали, 625 минг гектар майдонда бошоқли бегона ўтлар (райграс, ёввойи сули) тарқалиши башорат қилинмоқда.